Икки мушук каттагина пишлоқ бўлагини топиб олишибди. Аммо тақсимлай олмай, тортишиб қолишибди. Сўнг орани ажрим қилиш учун маймун олдига боришибди.
Маймун пишлоқнинг бирини каттароқ, бошқасини кичикроқ қилиб иккига бўлибди ва ҳар иккала бўлакни тарозининг икки палласига қўйибди. Табиийки, катта бўлак томон оғир келибди. Маймун оғир келган пишлоқдан бир тишлаб олиб, яна тарозига қўйса, энди тишланмаган бўлак оғир чиқибди. Маймун оғир келган томонни тенглаш учун яна бир тишлабди, энди тишланмаган пишлоқ оғир келибди.
Маймун ҳар гал оғир келган пишлоқни тишлаб олавериб, охири қолган икки бўлакни ҳам еб қўяй дебди. Шунда мушуклар:
– Бу тақсимотга розимиз, энди ўзимизга тегишли пишлоқ бўлагини бер, – дейишибди.
Шунда маймун:
– Тарозида тортиб, сизларга ҳакамлик қилганим учун булар менинг ҳақимдир, – деб қолган пишлоқ бўлакларини ҳам оғзига ташлабди.
Икки мушук бекорга тортишганларига афсус чекиб, пишлоқдан ҳам қуруқ қолишибди.