Кристина Киршнерни Буэнос-Айресдаги уйи ёнида отиб ўлдирмоқчи бўлишди, аммо тўппонча ишламай қолди. Ҳужум қилган шахс қўлга олинган. Вице-президент жабрланмаган. Киршнерни коррупция иши бўйича 12 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилишяпти.
Аргентина вице-президенти Кристина Киршнерга суиқасд уюштирилди, деб хабар берди маҳаллий ОАВ 1 сентябр, пайшанба куни кечқурун. Суиқасд 69 ёшли сиёсатчининг Буэнос-Айресдаги уйи олдида содир этилган. Амалдаги давлат раҳбари Алберто Фернандес телевидение орқали қилган чиқишида айтишича, оломон орасидан бир киши Киршнерга тўппонча ўқталиб, тепкини босган, бироқ ўқ узилмаган. Тўппончанинг ишламай қолиши сабаби «техник жиҳатдан ҳали тасдиқланмаган», дея қўшимча қилди Фернандес.
Ҳужум қилган шахс қўлга олинди. Ички ишлар вазири Анибал Фернандеснинг сўзларига кўра, гап 35 ёшли бразилиялик эркак ҳақида кетмоқда. У нима сабабдан бу ишни қилгани номаълумлигича қоляпти.