Президент қарори билан Ўзбекистонда томорқа ер эгаларини касаначилик билан банд қилган тадбиркорларга субсидия берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ахборот каналида хабар қилинди.
Маълум бўлишича, 1 ноябрдан томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан:
парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка), паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари;
узум кўчати ва ток сўриси;
асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми;
қуён, қуён катаги ва озуқа еми;
балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа емини харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун субсидия ажратилади.
Бунда, мазкур субсидия 1 нафар томорқа ер участкаси эгаси учун БҲМнинг 20 бараваригача (6 миллион сўмгача) миқдорда ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан ажратилади.
2023 йил 1 январдан қуйидагиларга рухсат этилади:
ЯТТга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари)ни, шу жумладан юридик шахслар учун ҳам бажаришга;
қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида ЯТТни жалб қилишга.
Бунда ЯТТ умумий қурилиш ишларини бажариш учун 5 нафаргача ходимни ёллаши мумкин. Умумий қурилиш ишларини бажариш фаолияти билан шуғулланаётган ҳамда камида 3 нафар ходимни ёллаган ЯТТга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналарни сотиб олишга субсидия (битта ходим учун БҲМнинг 15 бараваригача – 4,5 миллион сўмгача миқдорда) ажратилади.
Қарорга кўра, «Ёшлар дафтари» платформасида «Битирувчилар бандлиги» функционали жорий қилинади ва бу орқали умумий ўрта, профессионал ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларининг 3 йил давомидаги бандлик ҳолати мониторинг қилинади.