Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 4 сентябрь куни кечки мурожаатида Украина армиясининг ўтган ҳафта бошланган қарши ҳужумидаги муваффақиятини қайд этди.
Зеленский украин ҳарбийларига Донецк вилояти шарқидаги аҳоли пункти озод қилингани, Лисичанск-Северский йўналишида “алоҳида баландликлар” қўлга киритилгани ва мамлакат жанубидаги иккита аҳоли пункти озод этилгани учун миннатдорлик билдирган.
“Бугун мен Донецк вилоятида натижани таъминлаган 103-ҳудудий мудофаа бригадасининг 63-батальони аскарларига миннатдорлик билдирмоқчиман – аҳоли пункти озод қилинди. Лисичанск-Северск йўналишидаги 54-бригада ҳам яхши қадамлар қўйди, олдинга силжиди, маълум баландликларни эгаллади. 42-алоҳида мотоўқчи батальонини ҳам таъкидламоқчиман – унинг қаҳрамонона ҳаракатлари туфайли давлатимиз жанубидаги иккита аҳоли пункти озод қилинди”, дейди Зеленский.
Зеленский бу ҳудудлар қаерда ва улар Россия армиясидан қачон қайтариб олинганига аниқлик киритмаган, лекин 4 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳарбий қўмондонлик ва разведка бошлиғидан “яхши ҳисоботлар” олганини қўшимча қилган.