Россияда маймун чечагига қарши вакцина ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Россиянинг Федерал тиббий-биологик агентлиги (ФМБА) маймун чечаги инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқди. Айни пайтда янги препарат клиник синовдан ўтказилмоқда.
Агентлик раҳбари Вероника Скворцованинг маълум қилишича, дастлабки тадқиқотлар мазкур вакцина юқори самарадорлик ва иммуногенликка эга. Энг муҳими, у хавфсиз бўлиб, ножўя таъсирларни келтириб чиқармайди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда мазкур вирус шиддат билан тарқалмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда маймун чечаги инфекцияси тасдиқланган беморлар сони 52 минг нафардан ошган.
Касалликдан АҚШ ва Европа аҳолиси энг кўп азият чекмоқда. Хусусан, Қўшма Штатлар бу рўйхатда пешқадам. Мамлакатда маймун чечагини юқтирганлар сони қарийб 19,3 минг нафарни ташкил этяпти.
Кейинги ўринда 6,6 мингта ҳолат билан Испания бормоқда. Шунингдек, Бразилияда 5,1 минг, Францияда 3,6 минг, Германияда 3,4 минг ва Буюк Британияда 3,2 минг нафар кишига мазкур хасталик ташхиси қўйилган, — дейилади хабарда.