Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Зарафшон дарёсида меъёридан ортиқ ифлосланган сув оқизилганлик ва нобуд бўлаётган балиқлар ҳолати бўйича Навоий вилояти ИИБ расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, «Навоийазот» АЖ томонидан Зарафшон дарёсига ташланадиган ифлосланган сувлар таркибида азот кислоталарининг миқдори тавсия қилинганидан ортиб кетганлиги натижасида Зарафшон дарёсининг Кармана туманидан ўтувчи қисмида дарёда яшовчи тирик жонзотлар нобуд бўлган.
Ҳолатни ўрганиш, сув ҳамда ўлган жонзотлардан наъмуналар олиш мақсадида вилоят ИИБ ва тегишли ташкилотлардан мутахассислар жалб қилиниб, ишчи гуруҳ тузилган. Мутахассислар иштирокида нобуд бўлган жонзотлардан ҳамда Зарафшон дарёсига қуйиладиган оқова сувлардан наъмуналар олиниб, тегишли экспертизалар тайинланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳудди шундай ҳолат ўтган йилнинг октябр ойида ҳам содир бўлган ва бунга «Навоийазот» АЖга қарашли (1-ташлама) 267-қудуқдан дарёга ҳаёт учун хавфли моддалар чиқарилгани сабаб бўлгани айтилиб, ўрганиш-суриштирув ишлари ўтказилаётгани айтилганди.