Президентнинг «Миллий мусиқа чолғуларини оммалаштириш ва ишлаб чиқариш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага эълон қилинди.
Унга кўра, Миллий чолғуларни ишлаб чиқариш созгарлар шаҳарчаси барпо этилади. Бунинг учун Тошкент шаҳридан 2 гектар ер майдонини ажратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 2023 йил 1 февралга қадар созгарлар шаҳарчасини барпо этиш, жумладан, миллий чолғулар музейи, «Ҳунарманд» уюшмаси субъектлари (аъзолари) сифатида рўйхатдан ўтган 20 та уста-ҳунармандларнинг ҳар бирига алоҳида миллий мусиқа чолғуларини ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган бино иншоотларни, хусусан, мусиқа чолғуларини ишлаб чиқариш цехлари, қуритиш хоналари, омбор хоналари ҳамда тайёр маҳсулотларни сотиш учун дўконлар, бундан ташқари «Ҳунарманд» уюшмаси субъектлари (аъзолари) сифатида рўйхатдан ўтган уста-ҳунармандлар учун яшаш хонадонларини қуриш, жиҳозлаш ҳамда созгарлар шаҳарчаси атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига 65 млрд сўм маблағ ажратилади.
Шу билан бирга, миллий мусиқа чолғуларини ишлаб чиқаришда хом-ашё сифатида ишлатиладиган ноёб дарахтлар турларини етиштириш учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидан 10 га ер майдони ажратиш ҳам белгиланмоқда.