Қиролича Елизавета II 96 ёшида Шотландиядаги Балморал қасрида вафот этди. Бу ҳақда Букингем қасри расман хабар берди.
2022 йилнинг 6 феврал санасида Елизавета II тахтга ўтирганига 70 йил тўлган, кейинчалик у узоқ ҳукмронлик қилиш бўйича тарихдаги иккинчи монархга айланганди. Елизавета отаси Георг VI вафот этган кун — 1952 йилнинг 6 февралида британ қироличасига айланган.
2022 йилда Британияда Елизавета II нинг «платина юбилейи» нишонланганди.
Елизавета II қироличалик даврида 100 дан зиёд мамлакатга ташриф буюрган, 21 мингдан ортиқ тадбирда қатнашган. 4 мингта қонунга қироллик санкциясини берган, Лондонга давлат ташрифи билан келган 112 нафар давлат раҳбарини қабул қилган. Унинг ҳукмронлиги даврида Буюк Британияда 15 нафар бош вазир, АҚШда 14 нафар президент алмашган.
Вафот этган қиролича Елизавета II нинг тўнғич ўғли — Уэлс шаҳзодаси Чарлз Қўшма Қиролликнинг янги қироли бўлди.
Чарлз 73 ёшда, у британ тахтига ўтирган тарихдаги энг ёши улуғ ворисга айланди.
Қирол Чарлз илк баёнотида Елизавета II нинг вафоти ўзи ва қироллик оиласи учун улкан қайғу эканлигини айтди.Янги қирол расман Карл III номини олди.