Афғонистон ва Ливан 2021 йилда сайёранинг бошқа давлатларига нисбатан энг қайғули, ташвишли ва стрессли жойга айланди. Бу ҳақда «Gallup» индекси хабар берди.
Одамларнинг қайғу, стресс, хавотир, ғазаб ва жисмоний оғриқ каби кундалик тажрибаларини жамлаган «Gallup» рейтингида Афғонистон ва Ливан дунёдаги энг юқори 59 ва 58 баллни қўлга киритган. Индексдаги юқори балл аҳоли ушбу ҳис-туйғуларни бошдан кечираётганини англатади.
Мазкур кўрсаткич билан давлатлар 2019 ва 2020 йиллар биринчиликни эгаллаб келган Эронни сиқиб чиқарган. Индексда энг юқори балл олган мамлакатларнинг аксарияти 2021 йилда иқтисодий ёки сиёсий беқарорлик билан курашмоқда, бу уларнинг ҳиссий саломатлигида акс этади.
«Gallup» «Толибон» ҳокимиятга келгач ташвиш, стресс ва қайғу Афғонистонда рекорд даражага кўтарилгани: афғонларнинг 80 фоизи хавотирда, 74 фоизи стрессда ва 61 фоизи қайғуда эканини маълум қилган.
Ливанда мамлакатнинг сўнгги иқтисодий инқирози фуқаролар урушидан кейинги барча курашлардан кўра одамлар учун оғирроқ бўлган. Ҳаёт сифати шу қадар ёмонлашдики, ливанликларнинг 63 фоизи имкони бўлса, мамлакатни бутунлай тарк этишни хоҳлашини айтган. Бу истак салбий ҳис-туйғуларни бошдан кечираётганлар орасида янада кучлироқ.
Ливандаги ҳаёт оғирлашгани сари салбий ҳис-туйғулар рекорд даражага кўтарилган. 2021 йилда ҳар тўрт кишидан уч нафари (74 фози) кун давомида стрессни бошдан кечирганини айтган. Ливандаги одамларнинг қарийб ярми, қайғу (56 фоиз) ва ғазабда (49 фоиз) бўлган. Мамлакат 2021 йилда аҳолининг ғазаб ҳиссиёти билан дунёда етакчилик қилган.