АҚШ президенти Жо Байден 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан сўнг мамлакатда жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини бир йилга узайтирди. Бу ҳақда Оқ уй хабар қилган.
“Террор таҳдиди муносабати билан мамлакатда 2001 йил 14 сентябрда эълон қилинган фавқулодда ҳолат режимини яна бир йилга узайтираман”, — дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, фавқулодда ҳолат режими террорчилик хавфи сақланиб қолаётгани сабабли узайтирилган.
«Ал-Қоида» террористик ташкилоти томонидан 2001 йилнинг 11 сентябрь куни Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳридаги Халқаро савдо марказининг вайрон қилиниши бутун дунёни ларзага солди. Шу куни тонгда умумий сони 19 кишидан иборат 4 та террористик гуруҳ йўловчи ташувчи 4 авиалайнерни эгаллаб олди. Ҳар бир гуруҳ таркибида парвоз бўйича дастлабки тайёргарликдан ўтган камида бир нафар киши бор эди.
Теракт тонгги соат 8:46 да бошланиб, 10:28 га қадар давом этади. Қўпорувчилик ҳаракатининг ташкиллаштирилишида Усама бин Ладен, Умар аль-Байуми, Усама Басснан, Шайх Фахад аль-Тумайри ва Салоҳ аль-Ҳусaйн иштироки тахмин қилиниб келинади. Ҳужум нишонлари сифатида Халқаро савдо маркази, Пентагон, ва Капитолий (Оқ уй) танланади. Лайнерлар терактга қуйидагича йўналтирилади:
11-рейс (American Airlines, Боинг 767 самолёти) — ХСМ-1 (шимолий) минорасининг шимолий қисми 94–98 қаватлари билан турли маълумотларга кўра, тахминан соат 8:46:26 да тўқнашади;
175-рейс (United Airlines, Боинг 767 самолёти) — ХСМ-2 (жанубий) минорасининг жанубий қисми 78–85 қаватлари билан тахминан соат 9:02:59 да тўқнашади. Ушбу тўқнашув биринчи зарба оқибатларини тасвирга олаётган телевизион гуруҳ томонидан жонли эфирга узатилади;
77-рейс (American Airlines, Боинг 757 самолёти) — тахминан соат 9:37:46 да Пентагон биноси билан тўқнашади. Бироқ унга «эгизак миноралар» билан таққослаганда катта шикаст етмайди.
93-рейс (United Airlines, Боинг 757 самолёти) – тахминан соат 10:03:11 да йўловчилар ва экипаж аъзолари томонидан босқинчилардан тортиб олишга ҳаракат қилиниши натижасида бошқарув издан чиқиб, ҳужум нишонидан 240 километр узоқликда — Пенсильвания штатининг Сомерсет округи Шанксвил боро (маҳаллий ўз-ўзини бошқариш муниципалитети) атрофидаги майдонга қулайди.
Мазкур терактлар оқибатида 19 нафар террорчилардан ташқари 2977 нафар киши вафот этди, 6300 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди, шунингдек, 24 нафар киши бедарак йўқолди.