Фарғонада собиқ ҳамшира уй шароитида нотўғри укол қилиши оқибатида қизалоқ вафот этди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, воқеа вилоятнинг Учкўприк туманида содир бўлган.
1988-2000 йилларда туман Тиббиёт бирлашмасида ишлаган, кейинчалик саломатлиги боис ишдан бўшаган собиқ ҳамшира қишлоқдошларининг илтимосига кўра уй шароитида шифокор буюрган уколларни қилиб келган. Овсинининг келини қизи бетоблиги сабаб, шифокор ёзиб берган уколларни олиб келиб ундан муолажа олишда ёрдам сўраган.
Собиқ ҳамшира М. қариндошига йўқ дея олмаган ва шифокор ёзиб берган “Сефтокс” номли кукунни 10 грамм “Новокаин” билан эритиб, эритманинг 0,1 граммини беморнинг чап қуймуч қисмига синама тарзда юборган.
Орадан 3-4 дақиқа ўтгач, қиз қорни оғриётганини айтиб, қайт қилиб юборган ва сал ўтмай ҳушини йўқотган.
Қизалоқ Бувайда туман Тез тиббий ёрдам бўлими 9-сонли шохобчасига олиб борилаётган вақтда вафот этган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра қизалоққа “Сефтокс-Новокаин” эритмаси юборилганда ножўя таъсир оқибатида аллергик реакцияни юзага келтирган ва нафас йўллари беркилиб қолган. Уй шароитида тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари бўлмагани оқибатида унинг ҳаёти сақлаб қолинмаган ва ўлим ҳолати қайд этилган.
Мазкур ҳолат Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўрилиб, собиқ ҳамширага Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми (Эҳтиёцизлик орқасидан одам ўлдириш) билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.