Арманистон Озарбайжонни чегара ҳудудларини ўққа тутишда айблади. Боку эса Ереваннинг провокациясига жавоб чораларини кўрганини билдирди. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳар икки томонда қурбонлар қайд этилган. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги сайтида 12 сентябрга ўтар кечаси Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лачин йўналишларида провокацияни амалга оширгани ҳақида хабар берилган.
«Тунда Арманистон қуролли кучларининг диверсия гуруҳлари тоғли ҳудуд ва даралардан фойдаланган ҳолда Озарбайжон армияси бўлинмалари позицияси ва таъминот йўллари ўртасида турли йўналишларда миналаш ишларини олиб борди. Бўлинмаларимиз томонидан буларнинг олдини олиш бўйича кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида тўқнашув юз берди», дейилади вазирлик хабарида.
Боку шахсий таркиб орасида йўқотишлар бўлгани ҳарбий инфратузилмага зарар етказилганини айтмоқда.
Арманистон Мудофаа вазирлиги сайтида 13 сентябрь куни соат 0:05 ( Тошкент вақти билан 01:05)да Озарбайжон Қуролли кучлари бўлинмалари артиллерия, миномёт ва учуувчисиз учиш аппаратлардан фойдаланган ҳолда арманларга қарата кучли ўт очгани ҳақида баёнот берган.
«Жумладан, Сотк, Варденис, Горис, Капан, Артаниш ва Ишхонасар йўналишидаги позициялар ўққа тутилди. Фуқаролик инфратузилмаси объектлари ҳам ўқ остида. Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари жанговар вазифаларни тўлиқ бажармоқда» дейилади хабарда.
Шунингдек, Арманистон томонида ўлганлар ва ярадорлар борлигини маълум қилинган. Ереван ҳолат юзасидан Россия, КҲШТ ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилган.