Австралия полицияси ўлканинг жануби ғарбий томонидаги Перс яқинида яшайдиган бир одам, уй ҳайвони сифатида боқаётган кенгуруси томонидан ўлдирилганлигини маълум қилди. Кенгурунинг 77 ёшли хўжайини душанба куни ўз уйида дўсти томонидан яраланган ҳолда топилган.
Қутқарув бўлими хизматчилари етиб келиб, кенгуруни тутишнинг имконларини қила олишмагач, уни ўлдиришга мажбур бўлишди. Кенгурунинг эгаси ҳам воқеа жойида вафот этди. Полиция хизматининг маълум қилишича, кенгуру воқеа содир бўлган кун эрталабки вақтда ўз эгасига ҳужум қилган.
Австралияда 50 миллионга яқин кенгуру яшайди. Оғирлиги 90 кг, узунлиги 2 метр бўлган бу ҳайвонларнинг ҳужум қилиши камдан-кам ҳолатда рўй беради. Юқоридаги ҳодиса эса 1936 йилдан буён илк бор натижаси ўлим билан тугаган кенгуру ҳужуми ҳисобланади.
Кенгуруларни ўрганувчи мутахасис, ушбу ҳайвонларнинг тишлари, панжалари ҳамда кучли оёқлари мустаҳкам қурол вазифасини ўташини таъкидлади. Икки оёқда ҳаракатланадиган бу ҳайвонлар одамларни ўзларига душман сифатида қабул қилишларини ҳам илова қилди. Хусусан, эркак кенгурулар бир-бирига ҳужум қилмоқчи бўлса, икки оёқда, тик ҳолатда туриб олишар экан. Июль ойида кенгуру ҳужумига учраган 67 ёшдаги бир аёл оёғидан яраланган эди. Унинг танасида кесилган жойларни кўриш мумкин эди. Март ойида эса кичкина қизалоқ кенгуру ҳужумига учраганди.