Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо Давлат раҳбарларининг Кенгайтирилган тартибдаги мажлисда экологик муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу ҳақда Президент матбуолт хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Иқлим кенгашини тузиш таклиф қилинган.
«Барчамиз учун ҳаётий ўта муҳим бўлган ушбу соҳада амалий ҳамкорликнинг янги механизмлари ва шакллари зарурдир», — деган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарадорлигини ошириш, жумладан, хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳлантириш ва уларга тезкорликда муносабат билдиришга оид шартномалар асосида ушбу тузилманинг фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидлан
Аъзо мамлакатлардаги вазиятни баҳолаш ва бугунги воқеликни ҳисобга олган ҳолда мажмуавий қарорлар қабул қилиш учун Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг йиллик сайёр йиғилишлари амалиётини йўлга қўйиш муҳимлиги айтилган.
Кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бораётгани қайд этилган.
Шу билан бирга, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг энг устувор йўналишларидан бўлиб қолиши кераклиги таъкидланган.
«Шуни таъкидлашни истардимки, афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамимизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслигимиз лозим.
Санкциялар сиёсатининг кучайтирилиши ва Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати янада яккаланиши муқаррар равишда мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига олиб келади ва уни террорчилик ташкилотлари учун пласдармга айлантиради.
«Шу боис биз Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан илгари қабул қилинган, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши бўйича Кобул билан конструктив алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз», — деган Шавкат Мирзиёев.
Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этиш таклиф қилинган.
Фонд маблағлари ушбу мамлакатдаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши такидланган.