БМТ сўнгги йилларда биринчи марта Сурияда қайд этилган вабодан хавотирда эканини билдирди. Ташкилотдагиларнинг маълум қилишича, ушбу касаллик бутун минтақа учун хавф туғдириши мумкин, деб хабар беради «BBC».
Маълум қилинишича, сўнгги уч ҳафтада Сурияда вабога чалиниш бўйича 900 дан ортиқ ҳолат қайд этилган ва саккиз киши касаллик оқибатида ҳалок бўлган. Касаллик Ҳалаб ва Дейр-аз-Зор вилоятларида тарқалган. Тахминларга кўра, вабо одамлар вилоятлар орасидан оқиб ўтувчи ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда фойдаланиладиган Фурот дарёсининг сувини ичиши оқибатида юзага келган. Касалликнинг тарқалиши, шунингдек, иқлим ўзгариши ва мамлакат ичидаги можаролар сабаб бутун Сурияда сув етишмаётганини кўрсатмоқда.
«Касаллик Сурияда ва минтақадаги барча инсонлар учун жиддий хавф туғдирмоқда. Касалланиш ва ўлим ҳолатларининг олдини олиш учун зудлик билан шошилинч ҳаракатларни кўриш керак», — дейди БМТнинг Суриядаги гуманитар масалалар бўйича координатори Имрон Ризо.
БМТнинг маълум қилишича, гуманитар ёрдам аллақачон зарар кўрган ва бошқа хавфли ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларига етказилган. Тоза ичимлик суви ҳам юк машиналарида олиб келинмоқда.