Америка Қўшма Штатлари Афғонистондаги террорчиларга қарши курашда ёрдам эвазига Ўзбекистон ва Тожикистонга элликта ҳарбий самолёт ва вертолёт бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар бермоқда.
Гап ўтган йили афғон учувчилари “Толибон”дан қочиб, қўшни давлатларга олиб кетган Америкада ишлаб чиқарилган техникалар ҳақида кетмоқда.
“Режага кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларига чегарани ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши курашда хавфсизлик бўйича муносабатларимизни чуқурлаштириш бўйича норасмий келишув эвазига бир қатор самолётларни топшириш кўзда тутилган”, дейди нашр номи ошкор этилмаган амалдорга таяниб.
“Politico” нашрига кўра, “Толибон” ўз қўшниларидан АҚШ ағдарилган афғон ҳукуматига етказиб берган енгил ҳужумчи самолётлари ва вертолётларини қайтаришни талаб қилмоқда.