Россия охирги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи. Бу қарор Марказий Осиёдан кўчиб келганларга қаратилган. Бу ҳақда Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирил Кабанов ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Унинг қайд этишича, Россия Федерацияси Президенти томонидан эълон қилинган қисман сафарбарлик доирасида Россия Федерациясининг 10 йилдан кам муддатга Россия фуқаролигига эга бўлган янги фуқаролари – Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун бир йил давомида мажбурий ҳарбий хизматни ўташ бўйича таклифлар тайёрланмоқда.
Кабановга кўра, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан кўчиб ўтган фуқароларга тааллуқли.
Унинг таъкидлашича, ҳарбий хизматдан бош тортганларнинг ўзи ҳам, оила аъзолари ҳам фуқароликдан чиқарилади.
“Ҳарбий бурчни бажаришдан бош тортиш нафақат ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахсни, балки унинг оила аъзоларини ҳам Россия фуқаролигидан маҳрум қилишга олиб келиши керак”, дейди Кабанов.
Кабановнинг қўшимча қилишича, ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши юқорида кўрсатилган мамлакатлар ҳукумати томонидан ўз фуқароларининг “махсус ҳарбий операция”да ихтиёрий равишда иштирок этишини расман тақиқлашига адекват жавоб бўлади.