2022 йил 16 июн куни ижтимоий тармоқларда шифохонада аёл икки ёшли боласини калтаклагани тасвирланган видео тарқалди. Кейинроқ мазкур ҳодиса 2022 йил 14 июн куни Паяриқ туманидаги шифохонада содир бўлгани аниқланган.
Паяриқ тумани «Бошқўрғон» МФЙда яшовчи, 1988 йилда туғилган аёл 2020 йилда туғилган фарзандини даволатиш учун шифохонага олиб бориб, у ерда стресс ва асабий ҳолатда фарзандини ургани маълум бўлган.Ўшанда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.
Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, Жиноят ишлари бўйича Паяриқ тумани судида икки ёшли фарзандини калтаклаган аёлга ҳукм ўқилган.Судда боланинг бувиси келинини оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, набирасини ўзига олиб беришларини сўраган. Суд ҳукмига кўра, аёлга икки йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.