Россия эркаклар учун чегараларни ёпмоқчи

Россия ҳукумати сафарбарлик ёшидаги эркаклар учун чегараларни ёпмоқчи. Бу ҳақда “Медуза” Президент маъмуриятига яқин манбага асосланиб хабар берди. Унинг сўзларига кўра, тақиқни жорий этишнинг энг эҳтимолий санаси 28 сентябрь.

Президент маъмуриятига яқин бўлган иккинчи манбанинг айтишича, бу тан олинмаган ДХР, ЛХР ва Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида ўтказиладиган “референдум”лардан кейин содир бўлади. Улар 27 сентябрь оқшомида тугайди.

Суҳбатдошнинг таъкидлашича, чеклов “чиқиш визаси”га муқобил бўлади: Россияни тарк этиш учун эркаклар ҳарбий рўйхатга олиш идорасидан рухсат олишлари керак.

Россияда сафарбарлик 21 сентябрда бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

“Объясняем.рф” ҳукумат порталида 35 ёшгача бўлган оддий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар, 55 ёшгача бўлган катта офицерлар биринчи навбатда сафарбар қилиниши айтилган. Сафарбарлик ортидан россияликлар оммавий равишда ватанини ташлаб, хорижий давлатларга чиқиб кетишни бошлади.

Шойгунинг сўзларига кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг кишини армияга олиш режалаштирилган.