Россияда сафарбарликка жалб этилмайдиган IT, алоқа ва медиа соҳаси мутахассисликлари эълон қилинди
Россия Алоқа ва рақамли ривожланиш вазирлиги «сафарбарликдан озод этиладиган IT ва алоқа мутахассислари»нинг рўйхатини эълон қилди. Ҳужжат идоранинг Telegram’даги расмий каналида эълон қилинган.
Рўйхатдан 195 та мутахассислик ўрин олган. Улар орасида — математика, физика, ядровий энергетика ва иссиқлик физикаси, астрономия, кимё, машинасозлик, лингвистика, журналистика, архитектура, дизайн ва бошқа йўналишлар бор.
Вазирликнинг қайд этишича, «IT ва алоқа жадал суръатларда ривожланмоқда, шу сабабли кўпчилик соҳага бир-бирига яқин мутахассисликлардан ўтяпти». Шунингдек, тегишли мутахассислик ва аккредитациядан ўтган IT-ташкилотда ёки алоқа операторида иш жойининг мавжудлиги ўз-ўзидан муддатли ҳарбий хизматдан озод қилиш ҳуқуқини бермаслиги эслатилган. «Шу билан бирга, муҳим вазифаларни ҳам бажариш керак», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни Мудофаа вазирлиги IT соҳаси, алоқа операторлари, ОАВ ва банкларнинг ходимлари сафарбарликка жалб этилмаслигини маълум қилган. Алоқа ва рақамли ривожланиш вазирлиги эса ўз навбатида гап чақирувни кечиктириш ҳақида кетаётганини билдирган.
Вазирликларнинг тушунтиришига қарамай, «военкоматлар»да барибир IT-мутахассисларни сафарбарликка жалб этиш ҳолатлари учрамоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Валерий Фадеев IT-мутахассисларни сафарбарликка жалб этиш шартларини қатъийлаштиришга чақирган.
Аввалроқ Россия фуқаролигини олган хорижликларнинг ҳарбий ёши 27 ёшдан 45 ёки 50 ёшгача оширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.