Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.Р. 2 нафар фуқарони гўёки “S.R.” МЧЖ ёрдамида 9 600 АҚШ доллари эвазига қўшни Тожикистон Республикасидаги университетнинг 1-курсини таъмомлаганлиги ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаб бериш орқали Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирига 2-курсига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, олдиндан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Абу Али ибн Сино номидаги Жиззах жамоат саломатлиги техникуми директори ўринбосари Ж.Т., фуқаро Ш.ни ушбу техникумига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошлоқ туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, 2-Марғилон Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми ёшлар етакчиси Р.Х. ва талаба М.К. фуқаро И.ни танишлари ёрдамида ушбу техникумга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 450 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.