Эстония, Польша ва Болгария Ташқи ишлар вазирликлари 27 сентябрь куни ўз фуқароларидан Россия ҳудудини тарк этишни сўраб баёнотлар тарқатди.
Эстония муассасаси ўз фуқароларини Россияга сафарларни амалга оширмасликка, аллақачон у ерда бўлганларни эса уйга қайтишга чақирди. Россияда ўтказилаётган сафарбарлик фонида Эстония Ташқи ишлар вазирлиги эслатишича, Москва қўш фуқаролиги бўлган аҳолини ўз фуқаролари деб ҳисобламоқда.
Ўз навбатида, Болгария дипломатлари Россияда «вазият мураккаблашаётгани»ни маълум қилиб, фуқароларни бу мамлакатни тарк этишга чақирди. У ерда қолишга қарор қилганлардан эса «огоҳликни оширишни, одамлар тўпланадиган жойлардан узоқ бўлишни, вазиятнинг қандай ривожланишини ҳисобга олишни» сўради.
Польша ТИВ эса Россиядаги польшаликларга уларнинг мамлакати Москва томонидан «дўст бўлмаган» давлат деб тан олинганини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, Варшава қайд этишича, қўш фуқаролиги бўлганларга Россиядан чиқиш чекланиши мумкин, чегаралар ёпилган ёки фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда эса Россияда Польша дипломатик ходимлари жуда камлиги сабабли, польшаликларни эвакуация қилиш мумкин бўлмай қолиши эҳтимоли бор.