Украинанинг Донбасс минтақасида сепаратистлар томонидан ташкил этилган тан олинмаган Луганск халқ республикаси раҳбари Леонид Пасечник ва босиб олинган Херсон вилоятининг расмий Москва томонидан тайинланган раҳбари Владимир Сальдо Россия Президенти Владимир Путинга ҳудудларнинг РФга субъект сифатида қўшилиш масаласини кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилди.
Хусусан, Пасечник махсус ёзиб олинган телемурожаатида ЛХРда “Россия Федерациясининг кўп миллатли халқи билан тарихий, маданий ва маънавий алоқани тушунишаётганини айтган.
Сальдо ҳам Путинга мурожаат йўллаб ҳудудни Россия таркибига қўшиб олишни сўраган.
“Аҳолимиз ўзларининг тарихий танловини қилди ва барча одамлар бир-бири ва қонун олдида тенг бўлган Россия Федерациясининг кўп миллатли халқининг бир қисми бўлишга қарор қилдилар”, деган у бир томонлама «референдум»лар натижасига ишора қилиб.
Бундан олдин оккупация қилинган Запорожье вилояти раҳбари Игорь Балицкий ҳам Путинга мурожаат қилиб, Россияга қўшилишни сўраган эди. Шунингдек, 28 сентябрь куни ДХР раҳбари Денис Пушилин “Россия Федерациясига қўшилишнинг ҳуқуқий тартибини” якунлаш учун Москвага кетаётганини маълум қилганди.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Россия Президенти Владимир Путин 30 сентябр куни ЛХР, ДХР ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган ҳудудлари мамлакатга қўшилганини эълон қилиши мумкин.
Шундан сўнг парламентнинг ҳар икки палатаси Путин имзолаган тегишли фармонларни маъқуллаши тахмин қилинмоқда. Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Россия парламентининг қуйи палатаси 3 октябрь куни режадан ташқари йиғилиш ўтказишини айтиб, бунинг сабабига аниқлик киритмаган.
Россия парламенти Федерация Кенгашининг юқори палатаси аннексияни 4 октябрдаги йиғилишида тасдиқлаши мумкин. Шу муносабат билан режадан ташқари йиғилиш ўтказиш режалаштирилмаган, дейди Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко.
Россия таркибига қўшилиш бўйича референдум 23—27 сентябрь кунлари бир вақтнинг ўзида тўртта вилоят – (тан олинмаган – таҳр.) Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларида бўлиб ўтди. Запорожье вилоятининг Россия таркибига киришини сайлов участкаларига келган вилоят аҳолисининг 93,11 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Жаҳон ҳамжамияти Москва ва россияпараст айирмачиларнинг ҳаракатларини кескин қораламоқда. Катта еттилик Ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёнотида дунёнинг барча давлатлари Украинадаги сохта референдумлар натижаларини “Россия бунга эриша олса ҳам” тан олмасликка чақиради.
НАТО, ЕХҲТ ва бошқа ташкилотларда “референдумлар” ноқонуний деб аталган. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг Россия назорати остидаги ҳудудларида «референдум» ўтказишга уринишларни қоралаб баёнот берди.
“Бундай ноқонуний ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмайди. Аксинча, дипломатик жараённи жонлантиришга уринишлар қийинлашади”, дейилади баёнотда.