Озарбайжон армиясининг ҳарбий хизматчиси Арманистондан ўққа тутилиши натижасида яраланди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик баёнотига кўра, кеча, 28 сентябрь куни соат 18:00 атрофида ўт очишни тўхтатиш келишувига зид равишда Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Калбажар туманининг Алагёлляр йўналишида Озарбайжон армияси бўлинмаларини турли калибрли қуроллардан ўққа тутди.
Отишма натижасида Озарбайжон армияси ҳарбий хизматчиси Нижат Ҳидоят ўғли Искандар яраланган. Аскарга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.
“Озарбайжон армиясининг кўрсатилган йўналишда жойлашган бўлинмалари тегишли жавоб чораларини кўрди. Воқеа учун барча жавобгарлик вазиятни мақсадли равишда кескинлаштирган Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбарияти зиммасига тушишини билдирамиз”, дейилади баёнотда.
Ўз навбатида, Арманистон ҳам Озарбайжон томонидан ўқ узилганини ва уч арман аскари ҳалок бўлганини маълум қилди.
“Соат 22:00 ҳолатига кўра, Арманистон-Озарбайжон чегарасида вазият нисбатан барқарорлашди. Озарбайжон провокацияси натижасида Арманистон томонидан уч киши ҳалок бўлди”, дейилади Арманистон Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.