Толибон Россия билан савдо шартномасини имзолади. Шартномага кўра, РФ Афғонистонга ҳар йили бензин, дизел, газ ва буғдой етказиб беради. Бу ҳақда мамлакат саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Ҳожи Нуриддин Азизий маълум қилди.
Нуриддин Азизийни сўзларига кўра, ҳукумат энди ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
РФ битим доирасида Афғонистонга ҳар йили миллион тонна бензин, миллион тонна дизел, 500 минг тонна суюлтирилган нефт гази ва 2 миллион тонна буғдой етказиб беради.
Афғонистон ҳукумати вакили шартноманинг барча шартлари, амал қилиниш муддати ва келишувнинг умумий қийматини маълум қилмади. Аммо, Россия Толибонга хон-ашёнинг нархлари учун чегирма таклиф қилгани маълум қилинди.
Бу Толибоннинг ҳукуматни қўлга киритганидан кейинги илк йирик келишуви бўлди.