Жуда ноёб турга мансуб бўлган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган қумдаги нилуфарлар гуллади. Ушбу нодир гулни узган ёки унга зиён етказган одамга 109 минг лира жарима жазоси қўлланади. Ҳар йили июль ва октябрь ойларида Бадавут ҳамда Патрича соҳилларида гуллайдиган ушбу нилуфарлар бу йил ҳам атрофга ўз гўзаллигини таратмоқда.
Бу нилуфарларнинг табиатда камёб ўсимлик тури ҳисобланишини таъкидлаган профессор Фотиҳ Сотил, “Табиатда нодир бўлган, қумликларда ўсадиган, оқ гулли ва хушбўй ҳидли навдир. Оқденгиз, Мармара, Эге ва Қораденгиз соҳилларида ушбу гулларни учратиш мумкин. Гарчи шундай бўлсада улар нодир турлардан ҳисобланади” деди.
Июнь ва октябрь ойларида гуллайдиган ушбу нилуфарлар бошқа жойда кўкармайди. Кўринишининг гўзаллиги, ҳидининг хушбўйлиги билан одамларнинг эътиборини тортади. Бу гуллар боғда ёки гултувакда ўсмайди. Бу нилуфарлар одамлар томонидан узилиши билан бирга, соҳилларда пляжлар очилиши сабабли ёки қумларнинг олиниши туфайли ҳам улар ўсадиган ҳудудлар хавф остида. Фурсат борида тезроқ уларни асраб қолиш учун ҳаракат қилиш зарур.
Гул навининг жиддий хавф остида эканлигини айтиб ўтган профессор Саломий Салвий “Ўлкадаги соҳилларнинг кўпчилиги дам олиш масканларига айлантирилмоқда, одамлар нилуфарларни узиб кетишяпти” дейди. Қум соҳилларининг оппоқ гўзаллиги бўлган ушбу гуллар йўқолиб кетиш хавфи остида бўлганлиги туфайли 2016 йил Халқаро Табиатни Муҳофаза қилиш ташкилоти томонидан қўриқлана бошлади. Наргис оиласидан бўлган бу гул Оқденгиз, Эге ва қисман Қораденгизнинг қум соҳилларида ўсади. Ушбу ажойиб ва гўзал нилуфарлар хорижлик сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортади.