Кўпинча бу хасталик аломати тўсатдан бошланади. Кечқурун уйқуга ётасиз-у, тунда товонингизда симиллаган оғриқ сезилади. Эрталаб уйғонгач, вазият янада жиддийлашгани аён бўлади. Кучли оғриқдан ҳатто оёқ босишга қийналасиз. Товонингиз ичида нимадир қадалиб, оромингиз йўқолади. Кундузи дард белгилари сусайиб, оқшом маҳали яна безовталик кучаяди.
Маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйича шундай муаммога дуч келган 1 миллион нафардан зиёд кишига товон шпораси, яъни плантар фасциит ташхиси қўйилади.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов билан ушбу хасталик сабаблари, диагностика ва даволаш усуллари ҳақида суҳбатлашдик.
— Плантар фасциит — товон юмшоқ тўқимасининг яллиғланиши оқибатида ҳосил бўладиган суяк ўсимтасидир, — дейди мутахассис. — Касаллик сабаблари турлича. Масалан, сакраш, кучли зарба, кун бўйи тик оёқда юриш, югуриш ва семизлик оқибатида товон зўриқиб, ички жароҳатлар юзага келиши мумкин.
Яссиоёқлик ҳам хасталикнинг кенг тарқалган омили. Бундай вазиятда гавда вазни оёқларга нотўғри тақсимланиши туфайли товонлар ортиқча зўриқишдан яллиғланади. Натижада ана шу жароҳатлар ўрнида суяк ўсимталари шаклланиб, ҳаракатланганда юмшоқ тўқималарга қадалади ва бемор оғриқдан азият чекади.
Шунингдек, ревматоид ва артрит каби бўғим хасталикларидан сўнг товон шпораси шаклланиши тиббий амалиётда кузатилган. Қаттиқ, баланд ёки аксинча юпқа пошнали пойабзаллар ҳам хасталик ривожланишига сабаб бўлиши эҳтимоли юқори. Бундан ташқари, подагра касаллиги оқибатида организмдаги тузларнинг товонга ҳаддан зиёд кўп чўкиши баъзи ҳолларда бўғимлар ва суякларга салбий таъсир ўтказади.
Хасталик жараёнида оғриқлар аста-секин ва ташқи жароҳатларсиз бошланади. Юрганда аломатлар йўқолиб, ҳордиқ олганда яна пайдо бўлади. Ундан кўпроқ қирқ ёшдан ошган беморлар азият чекиши аниқланган.
Товон шпораси ташхиси пальпация усулида ҳамда рентгенография ёрдамида қўйилиши мумкин. Тегишли муолажалар буюришда касаллик босқичи ва бемор ҳолати ҳисобга олинади.
Улар орасида яллиғланиш ва оғриқларга қарши дори-дармон муолажаси, шишларни бартараф этиш ҳамда хасталик ўчоғидаги қон томирлари фаолиятини яхшилашга қаратилган магнит-резонанс терапия кенг оммалашган.
Шунингдек, лазер, фонофорез, рентген, зарбли-тўлқинли муолажа усуллари ҳам касалликни даволашда катта самара беради.
Агар юқоридаги даволаш чоралари кутилган натижани бермаса, хасталик жарроҳлик йўли билан бартараф этилади.