Ургутда 4 ёшли бола қудуққа тушиб кетиб, вафот этди

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 4 ёшли бола қудуқ ичига тушиб кетиб, вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 26 сентябр куни Ургут тумани прокуратурасига ушбу туманда яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, 25 сентябр куни соат 16:00 ларда Ургут туманининг “Бешкапа” МФЙ ҳудудида жойлашган тўйхонага 2018 йилда туғилган набираси билан борганлигини ва бироз вақтдан сўнг қизча йўқолиб қолганини баён қилиб, уни топишда амалий ёрдам сўраган.

Аризага асосан, вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ, туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, жамоатчилик вакиллари ва ОАВ иштирокида кенг кўламли қидирув тадбирлари амалга оширилди.

Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида 30 сентябр куни мазкур маҳалладаги, худди ўша тўйхона атрофида бўлган ичимлик суви қазиб олишга мўлжалланган 8 метрли қудуқ ичидан боланинг жасади топилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.