Озарбайжон давлат чегарасининг Калбажар ва Товуз йўналишларида Озарбайжон Қуролли кучларининг позициялари ўққа тутилди. Бу ҳақда бугун, 4 октябрь куни Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Вазирликнинг хабар беришича, 3 октябрь куни кечқурун ва 4 октябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли кучлари бўлинмалари Озарбайжон армиясининг Калбажар ва Товуз вилоятлари аҳоли пунктлари йўналишидаги позицияларини турли калибрли қуроллардан интенсив ўққа тутган.
“Озарбайжон армиясининг кўрсатилган йўналишларда жойлашган бўлинмалари тегишли жавоб чораларини кўрди”, дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.
Қайд этилишича, вазиятнинг мақсадли равишда кескинлашиши учун барча жавобгарлик Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбарияти зиммасига юкланади.
Баку ва Ереван ўртасидаги сўнгги йирик кескинлик жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси содир бўлган эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.