Қозоғистонда ҳукумрон «Аманат» партияси амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаевни бўлажак сайловда президентликка номзод сифатида кўрсатди.
«Аманат»нинг навбатдан ташқари XXIV қурултойида партия раиси Ерлан Кошанов шундай деди:
«Бир овоздан қарор қилинди. Ҳурматли шу партия аъзолари, Аманат партиясининг XXIV қурултойи қарори билан Қосим-Жомарт Кемелевич Токаев бир овоздан Қозоғистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилди».
Қурилтой иштирокчилари Тоқаев номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.
Жорий йилнинг 1 сентябрь куни Тоқаев муддатидан олдин сайлов ўтказилишини билдирган эди. Қозоғистонда навбатдаги президентлик сайлови 20 ноябрда ўтказилади. Тоқаев имзолаган конституцияга ўзгартишларда жорий йилдан бошлаб президент фақат бир марта 7 йиллик муддатга сайланиши қайд этилган.
Айни пайтда президентликка бошқа партиялар ҳам ўз номзодларини олға сурмоқда. «Ауил» партиясидан Жигули Дайрабаев, ОСДПдан Нурлан Ауесбаев, «Аманат» касаба уюшмаларидан Мейрам Кажикен номзодлари кўрсатилган.