Россияда сафарбарликдан бўйин товлаган шахсга нисбатан биринчи жиноий иш Пенза вилоятида қўзғатилди. Бу ҳақда “Агора” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиковга таяниб, ТАСС нашри маълум қилди.
“Гумонланувчи ОМОН кучлари кўмагида қўлга олинди, у икки суткадир вақтинчалик ҳибсхонада. У 32 ёшда бўлиб, ҳарбий комиссарликка чақирув қоғозини имзолашдан бош тортди”, дейди Чиков.
Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 328-моддаси «Ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаш» билан жиноий иш қўзғатилган. Ушбу моддада икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилади.
“Ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган комплекс тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади Россия Тергов қўмитасининг вилоятдаги Тергов бошқармаси хабарида.
Аввалроқ, Россия сентябрь ойида Жиноят кодекснинг 339-моддасидаги (касалликни тақлид қилиш орқали ҳарбий хизмат вазифаларини бажаришдан бўйин товлаш) жазони кучайтирди. Эндиликда бу моддада 5 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.