Ушбу объект Гулнора Каримовага тегишли бўлган. Дам олиш маскани биринчи марта ўтган йилнинг март ойида очиқ кимошди савдосига қўйилганди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги E-auksion сайтида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Сижжак» дам олиш масканини яна сотувга қўйди.
Маълумотларга кўра, ер участкасининг умумий майдони 5,38 гектар, бино ва иншоотлар майдони 4039,56 квадрат метрни ташкил этади. Мажмуа ҳудудида меҳмонхона бинолари, бир нечта сузиш ҳавзалари, амфитеатр, коттеж ва бошқа иншоотлар мавжуд.
Бошланғич баҳоси — 70 миллиард 68 миллион сўм. Аризалар 7 ноябрь куни соат 09:00 гача қабул қилинади, аукцион шу куни соат 10:00 да бўлиб ўтади.