Япония Шимолий Корея ядро синовини ўтказишга тайёрланаётганини эҳтимол деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 7 октябрь куни навбатдаги матбуот анжуманида мамлакат Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси маълум қилди.
“Келажакда Шимолий Корея янги провокацияларга, жумладан, ядровий синов ўтказишга йўл қўйиши эҳтимоли бор, деб ҳисоблаймиз”, дейди у.
Бироқ ТИВ раҳбари Шимолий Кореянинг янги ядровий синови минтақадаги вазиятга қандай таъсир қилиши ҳақидаги саволга жавоб беришдан қочди. Шу билан бирга, Хаяси Япония Шимолий Корея билан боғлиқ маълумотларни фаол тўплаш ва таҳлил қилишда давом этишини, АҚШ ва Жанубий Корея билан яқин ҳамкорликда ҳушёр туришини таъкидлади.
“Биз БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларининг қатъий бажарилишига ва Корея ярим оролининг тўлиқ ядросизланишига интиламиз”, дея қўшимча қилди у.
Кеча, 6 октябрь куни Пхеньян иккита қисқа масофали баллистик ракета учирди. Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги ракеталарнинг учирилиши АҚШ ва Жанубий Корея машғулотларига “адолатли жавоб” эканини айтди. Пхеньян жорий йилнинг 4 октябрь куни ўрта масофали баллистик ракета учирилганидан кейин амалга оширилган Америка самолёт ташувчиси Рональд Рейганнинг Япон денгизи сувларига қайтишини қоралади. 5 октябрь куни АҚШ ва Корея Республикаси ҳарбийлари Япония денгизи томон иккита ATACMS (Армия тактик ракета тизими – таҳр.) ракеталарини учирдилар. Вашингтон ва Сеул ҳам Шимолий Корея ядровий синов ўтказишга тайёрланаётгани ҳақида фикр билдирди.
Шимолий Корея охирги марта 2017 йил сентябрида ядро синовини ўтказган эди.