Франция президенти Украинага қурол сотиб олишга ёрдам бериш учун фонд ташкил қилади

Франция президенти Эммануел Макрон Украинага қурол сотиб олишда ёрдам бериш учун 100 миллион евро қийматга эга бўлган фонд ташкил қилмоқчи.

“Биз Украинага уруш олиб бориши учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни сотиб олиш имконини берадиган махсус жамғарма ташкил этишга қарор қилдик”, — деди у Прагада бўлиб ўтган ЕИ етакчиларининг норасмий саммитида.

Франция президентининг айтишича, фонд 100 миллион евродан бошланади ва мудофаа қуролларини сотиб олишга ёрдам беради.

Франция Қуролли кучлар вазири Себастян Лекорну твиттерда Украина мудофаа вазири Алексей Резник билан жамғармани ташкил этиш бўйича келишув имзолашга тайёрлигини билдирди.

“Биз Украинани молиявий соҳада, унинг келажакдаги реконструкция ишларида ва ҳарбий соҳада қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятидамиз”, — деди у мудофаа қуролларини назарда тутиб.

Шунингдек франция Президенти Дания билан ҳамкорликда “Сезар” ўзиюрар техникаларини Украинага етказиб бериш бўйича ҳамкорликни давом эттиришини айтган.

Маълумот учун, Франция ҳозиргача Украинага 18 дона “Сезар” ўзиюрар техникаларини етказиб берган.

Франция ОАВларининг ёзишича, Париж Киевга Дания билан шартнома бўйича кенгайтирилган ўқ-дорилар ва яхшиланган зирҳларга эга яна 6 ёки 12 та машина беришни режалаштирмоқда.