Қрим кўпригида юз берган портлаш оқибатлари маълум қилинди


Аввалроқ Керч бўғози устидан ўтган Қрим кўпригида 8 октябрь, шанба куни кучли портлаш содир бўлгани хабар қилинганди. Россия Тергов қўмитаси ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Тергов бош бошқармаси терговчилари, Криминалистика бош бошқармаси (Криминалистика маркази) экспертлари ва Россия Тергов қўмитаси суд-экспертиза маркази ходимлари зудлик билан фавқулодда ҳолат жойига етиб борган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган. “Булар, эҳтимол, портлаган юк машинаси ёнида бўлган енгил автомобиль йўловчиларидир”, дейилади қўмита баёнотида.

Ҳозирда икки нафар ҳалок бўлган (эркак ва аёл)нинг жасади аллақачон сувдан чиқариб олинди, уларнинг шахси аниқланмоқда.

Шунингдек, тергов доирасида терговчилар юк машинаси ва унинг эгаси бўйича маълумотларни ҳам аниқлади. “У Краснодар ўлкасида яшовчи эркак бўлиб, унинг яшаш жойида тергов ҳаракатлари бошланган. Автомобилнинг ҳаракатланиш йўналиши ва тегишли ҳужжатлар ўрганилмоқда”, дейилади хабарда.