Жо Байден администрацияси Пекинга нисбатан ХХ асрнинг 90 йилларидан бери энг кенг кўламли санкцияларни жорий этди, деб хабар беради «Рамблер».
Қайд этилишича, АҚШ Савдо вазирлиги томонидан киритилган санкциялар биринчи навбатда, суперкомпьютерларда, хусусан, сунъий интеллект дастурларини тезлаштиришда фойдаланиладиган график чипларга тааллуқли.
Маълумотларга кўра, чекланган технологияларни ишлаб чиқарувчилар эндиликда Хитой компаниялари билан ишлаш учун махсус экспорт лицензиясини олишлари керак бўлади. АҚШ расмийлари бундай лицензиялар учун аризаларнинг аксарияти рад этилиши ҳақида дарҳол огоҳлантирган.
Тақиқ АҚШда рўйхатдан ўтган барча компанияларнинг маҳсулотларига, қаерда бўлишидан қатъи назар, шунингдек, Америка технологияси ёки ускуналари ёрдамида ишлаб чиқарилган дунёдаги барча чипларга тегишли. Шунингдек, Хитойга янги яримўтказгич технологияларини ишлаб чиқишда ёрдам бериш ҳам тақиқланган.
Аввалроқ АҚШнинг Хитойга қарши режаси маълум бўлганди. Ўшанда Савдо вазирлиги яримўтказгичларни экспорт қилиш бўйича янги қоидаларни эълон қилиши айтилган эди.