Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ижроия қўмитаси молиялаштиришни тезлаштириш воситаси доирасида Украинага 1,3 миллиард доллар йўналтиришни маъқуллади, деб хабар беради «Коммерсантъ».
Пуллар тўлов балансини молиялаштириш билан боғлиқ эҳтиёжларга, шу жумладан, озиқ-овқат саноатига йўналтирилади.
ХВЖнинг таъкидлашича, жанговар ҳаракатлар фонида Украинада ЯИМ қисқарган, инфляция ва бюджет тақчиллиги ортган, савдолар бузилган. Жамғарма, шунингдек, ҳукумат «фавқулодда мураккаб вазиятда муҳим макроиқтисодий барқарорлик даражасини сақлаб қолишга» муваффақ бўлганига эътибор қаратган. ХВЖнинг ҳисоблашича, ажратиладиган маблағлар Украина кредиторлари ва донорларининг кейинги қўллаб-қувватлашини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Халқаро валюта жамғармасининг прогнозларига кўра, 2022 йилда Украина ялпи ички маҳсулоти 35 фоизга қулайди. Баҳорда жамғарма Украинага 1,4 миллиард доллар фавқулодда молиялаштириш бўйича ажратишни маъқуллаганди.