Франция Украинага мамлакатни ракета зарбалари ва дрон ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун бир қатор янги қуролларни топширади. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон “France 2” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Франция Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун қурол сўровига жавобан Украинага радар ва зенит-ракета тизимлари етказиб бермоқчи”, дейди Макрон.
Шунингдек, Франция раҳбари Париж тегишли қуролларни яқин ҳафталарда топширишни режалаштираётганини қўшимча қилган. Бироқ у айнан қанча ракета ва бошқа тизимлар берилишига аниқлик киритмаган.
Бундан ташқари, Макрон Франция Украинага дастлаб Дания учун мўлжалланган олтита Caesar гаубицаларини бериш ҳақидаги ваъдасидан қайтмаганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Париж бу масала устида ишламоқда ва яқин келажакда ушбу ускунани етказиб беришни истисно этмайди.