Барчага маълумки, «Туркистон» хусусий акциядорлик тижорат банкидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинди.
Бу электрон пул тўлов тизимларидан бири “OSON” учун жиддий муаммоларнинг бошланиш нуқтаси бўлди.
Компания асосчиси Фарҳод Маҳмудов “Turkiston Bank»нинг йирик корпоратив мижозларидан бири бўлганига қарамасдан лицензиянинг бекор қилингани ҳақида оммавий ахборот воситаларидан билади.
“„Turkiston Bank“ раҳбарияти салбий ҳисоблари ва қарзларидан яхши хабардор бўлса-да, ҳеч қандай хабар ёки хат жўнатмади”, — дейди у.
Бундан хабар топгач, дарҳол офисга келдим, жамоам билан муаммони ҳал қилишнинг йўллари ва оқибатларини ҳисоблаб чиқдик. Сўнг банк вакиллари билан учрашдим.
Музокаралар натижалари шуни кўрсатдики, бу ҳолда бизнинг фойдаланувчиларимиз, биз эса уларнинг ишончини йўқотмоқдамиз.
Негаки, энди нафақат бизнинг компания пуллари, балки ушбу банкда хизмат кўрсатилаётган бошқа тизимларнинг электрон ҳамёнлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг омонатлари, хорижий компанияларнинг инвестициялари ҳам музлатилган.
Ҳозирда “OSON»нинг қарийб 7,5 млрд сўми музлатилган. Электрон ҳамёндан пулни тўғридан-тўғри қайтармоқчи бўлган фойдаланувчиларимизни банкга йўналтиришга мажбурмиз, чунки биз эмитент эмас, фақатгина оператормиз.
Ва бу ерда обрўимизга путур етиши пуллардан ҳам кўпроқ йўқотиш эканини англатади, чунки ҳар бир мижозимиз ишончини қадрлаймиз.
Энди “OSON” банк хатоларининг оқибатлари учун жавобгар бўлади. Буни хавф сифатида ҳисоблаш қийин, чунки бундай ҳолатлар камдан-кам учрайди, шунинг учун олдиндан йўқотишлар қай даражада бўлишини прогноз қилиш қийин.
Энди нима бўлади
Биз музокараларни давом эттирмоқдамиз. Бунда Марказий банк ишни қонун доирасида ҳал қилиш бўйича маслаҳатлар бермоқда — бу ёрдамни жуда қадрлаймиз.
Умид қиламанки, биргаликда фойдаланувчилар манфаатларини ҳимоя қила олиш билан бирга электрон пул ва онлайн тўловларга ишончларини сақлаб қоламиз, бу мен учун ҳозир энг муҳим вазифа.
Молиявий масалага келадиган бўлсак, музлатилган маблағлар бир йил ичида қопланади. Ҳозирда тизимни бошқа ишончли банкга ўтказяпмиз.
“Turkiston Bank” ўз муаммоларини ҳал қила олмаса ва ўзини банкрот деб эълон қилса, биз иккинчи ссенарийга ўтамиз. Бунинг учун инқирозга қарши чора-тадбирлар мажмуасини ҳам тайёрлаяпмиз.
Қандай бўлмасин, фойдаланувчиларимиз манфаатларини ҳимоя қиламиз, мен учун бу биринчи даражалик масала. Мижоз ҳар қандай вазиятда ҳам азият чекмаслиги керак.
Агар музокаралар доирасида муаммони ҳал қила олмасак, судга мурожаат қиламиз, ҳамкасблар ва фойдаланувчиларни хабардор қилиш мақсадида вазиятнинг ечими ҳақида албатта очиқ айтиб ўтамиз.
Афсуски, бу ҳолат электрон ҳамёнлар билан ишлайдиган барча тўлов тизимлари транзакциялар сонининг камайишига, ҳамёнлардан маблағларни чиқариб олиш кескин ошишига ва фойдаланувчилар сонининг камайишига дуч келади.
“OSON»нинг келгусидаги фаолияти
Бундай ҳолатларга дуч келганимда, ростини айтсам, мамлакатдан активларни олиб чиқиб, хавфлар камроқ ва бизнес яхшироқ ҳимояланган бозорларга сармоя киритишни истайман.
Бироқ, мени ва жамоамни бу ерда — бизга таниш бўлган бозорда электрон пул ва онлайн тўловлар экотизимини қуриш ғояси жуда илҳомлантиради.
Мен Ўзбекистонда электрон пул маданияти ва трендини ривожлантиришни давом эттирмоқчиман. Шунинг учун йўқотишларга дуч келсак-да, можаронинг ижобий натижасини кутишга тайёрмиз.
Ўзбекистон “финтеч»нинг минтақавий марказига айланиши мумкинлигига қаттиқ ишонаман.
“OSON” электрон ҳамёнига келадиган бўлсак, биз давлат улуши мавжуд банк билан музокараларнинг биринчи босқичини амалга оширдик. Ҳозирда бу электрон пул дахлсизлигининг ягона кафолатидир.
Шу билан бирга, биз необанкинг хизматларини ривожлантиришни бошлаймиз, эҳтимол лицензия олиш учун ариза топширамиз ва рақамли банк сифатида ўз фаолиятимизни олиб борамиз.