Самарқандда автобус ҳайдовчиси бошқа бир ҳамкасбини босиб кетди

2022 йил 13 октябрь куни соат 08:10 ларда Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида иккита автобус ҳайдовчисининг ўзаро жанжали аянчли якун топди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳайдовчилардан бири иккинчи ҳайдовчи бошқариб келаётган автобуснинг эшигига осилган.

Ҳайдовчи эса автобусни тўхтатмасдан, аксинча тезликни оширган. Шу пайтда автобус эшигига осилиб келаётган ҳайдовчи тушиб кетган. Ҳаракатланаётган автобус уни босиб ўтиб, воқеа жойидан кетиб қолган.
Оқибатда, биринчи автобус ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.