Туркияда сайёҳлар учун янги солиқ жорий этилди

Туркияга келаётган чет элликлардан бир қатор хизматлар учун мажбурий тўлов ундирилади.

Туркияда 2023 йил 1 январдан бошлаб «Яшаш жойи солиғи»ни жорий этиш тўғрисидаги қонун кучга киради. Бу маълумотни Туркия Республикаси Молия ва ғазначилик вазирлиги расман тасдиқлади, дея хабар бермоқда «Tengritravel. kz».

Қайд этилишича, «Яшаш жойи солиғи» сайёҳлардан ўзи яшаётган меҳмонхона ҳудудида кўрсатилаётган барча хизматларнинг 2 фоизи миқдорида солиқ ундирилишини кўзда тутади.

Шунингдек, меҳмонхона, курортлар меҳмон уйи ва бошқа жойлар ҳудудларида кўрсатилаётган барча хизматлар учун ҳам йиғим ундирилади. Ҳужжат матнида қайд этилишича, мамлакатга кириб келган туристлар тўловни рўйхатдан ўтиш вақтида амалга оширишлари керак.