Депутат Расул Кушербаев Тошкентдаги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ёнида жойлашган автотураргоҳдаги дарахтлар кесиб кетилгани ҳақида хабар бермоқда. ЎзЛиДеП депутати Кушербаев табиат учун, экология учун жон куйдириб тинмай ёзади, муносабат билдиради. Ўзбекистон Экологик партиясининг ҳам депутатлари ҳам бор шекилли Олий Мажлисда. Улар ҳам бирор иш билаш шуғулланишадими?..
Аҳволни кўриб турибсиз, кунда-кунора “кес-кес”лар ҳақида эшитамиз. Аввалроқ Тошкент шаҳри Учтепа туманида қурувчи ташкилот томонидан 42 туп ҳар хил турдаги дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилгани маълум бўлганди. Кейин эса Чилонзор туманида жойлашган Чилонзор кўчасидаги “Дреам Ҳоусе Строй” компаниясига ажратилган ва метал девор билан ўраб олинган 0,2 гектар майдонда бир кечанинг ўзида 58 та дарахт кесиб ташланди. Афсуски ўшанда ҳам Расул Кушербаев дарахтлар кесилган жойга бориб, жонли эфирда жамоатчилик эътиборини бу масалага қаратган эди. Аслида бундай ҳолатларда биринчи ўринда Экопартиядан сайланган депутатлар ҳаммаёққа жар солиши керак эмасмиди?! Ёки улар ҳар замонда “ура-ура” ишларда муносабат билдириб, қўл кўтариб тасдиқлаш учунгина давлат бюджетидан ойлик олиб ётишибдими?
Статистикаларга қараганда, мораторий жорий қилингандан буён табиатга етказилган зарар 9,7 млрд. сўмни ташкил этган, ундирилгани эса 2,9 млрд сўм, холос. Алқисса бу каби ҳолатларга кўп ва хўп мисол келтириб ўтиш мумкин, ва яна давом этаверади. Натижада эса, нима бўлди?
Тошкент шаҳар ҳавоси яна кескин ифлосланди. 12-октябр куни Ўзбекистон пойтахти ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар қаторидан ўрин олди. Ҳар йили дунё бўйича 7 миллиондан ошиқроқ одам ҳавонинг ифлослангалиги оқибатида ҳаётдан кўз юмар экан. Бу тахмиман ҳар 8 та ўлимнинг 1 таси айнан ҳавонинг ифлосланиши оқибатида содир бўлади дегани демакдир. ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаномга кўра, ҳавонинг ифлосланиши инсоннинг бутун тана аъзоларидан тортиб, она қорнидаги чақалоқ ривожланишигача салбий таъсир ўтказяпти. Бунга мисол қилиб 2021-йилда Ҳиндистонда тўрт қўли ва тўрт оёғИ бор чақалоқнинг туғилишини айтиш мумкин. У ерда саноат чиқиндилари билан ҳаво, тупроқ ва сувнинг юқори даражада ифлосланиши фонида мутасияга учраган болалар ва ҳайвонларнинг туғилиши кўпинча кузатилади. Бундан ташқари дунё бўйича ҳаво заҳарланиши қурбонларининг 9 фози ёш болалар ҳисобланади: 5 ёшдан кичик вафот этган болалар сони 543 000 тани ташкил этади. 52 000 дан ошиқроқ қурбонлар эса 5-15 ёш оралиғида.
Афсуски, бугун юртимизда ҳам аҳвол ачинарли тус олмоқда. Бир неча йилдан сўнг мамлакатимиздаги иқлим яшаб бўлмайдиган даражага етади. Тўғри, унгача қаергадир кетиш ҳам бир йўл, дарахтларни кесиб, чўнтак қаппайтираётганлар эса чидаб бўлмас ёз ойларини баҳаво денгиз бўйларида ўтлазиб келар, эҳтимол. Аммо оддий халқ ҳеч қаерга кета олмайди. Мана шу ҳаво ҳароратига ўзимиз чидаб яшашимизга тўғри келади. Аммо бу деярли ҳеч ким ташвишга солаётгани йўқ.
Экология партиясидан сайланган ва бугун экология ҳақида бутунлай унутган депутатларимиз эса ҳаммасига қўл кўтариб маъқуллаб, “тинчгина юрайлик” деб отнинг калласидек ойлик олиб, бошқа ҳеч нарсани кўрмаяпти…
Шаҳруза Сатторова