Ҳокимлик вакиллари Буюк Британияда малака оширишлари мумкин

Давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш бўйича Буюк Британиянинг Civil Service College билим юрти билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.«Дунё» нашрининг Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасига таяниб маълум қилишича, ушбу мавзуда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси раҳбарияти бошчилигидаги мутахассисларнинг Буюк Британиядаги Civil Service College ижрочи директори С.Леонг билан онлайн учрашуви бўлиб ўтган.

Музокаралар давомида давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш ҳамда раҳбар кадрлар учун мунтазам ўқув курсларини ташкил этиш бўйича Civil Service College вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланган.

Давлат бошқаруви академияси ректори А.Бекмуродов томонидан Civil Service College билан ўзаро ҳамкорликда туман ва вилоят ҳокимликлари вакиллари учун маҳорат дарслари, қўшма тренинглар, ўқув курсларини ташкил этиш бўйича илгари сурилган таклифлар эса хориж томонидан тўла қўллаб-қувватланган.

«Онлайн учрашув якунлари бўйича мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Англашув меморандумини расмийлаштиришга келишиб олинди», – дейилади «Дунё» нашри хабарида.