Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) Беларус президенти Александр Лукашенкони қидирувга берди. Бу ҳақдаги маълумотлар мамлакат Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасида қайд этилган.
УХХ матбуот хизматининг хабар беришича, департамент Беларус президентини қидиришни бошлаган. Бироқ Лукашенко қайси жиноий ишлари учун қидирилаётгани ҳақидаги тафсилотлар ошкор қилинмаяпти.
Айрим ОАВларга кўра, 20 октябр куни Украина расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари Беларус раҳбарининг рафиқасига қарши ҳам қатор санкциялар жорий этган.
Маълум бўлишича, УХХ аввалроқ Россиянинг бир қатор юқори лавозимли амалдорларини ҳам қидирувга берган.
Улар орасида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу, ФХХ директори Александр Бортников, Россия гвардияси раҳбари Виктор Золотов, Россия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Владимир Колоколцев, Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин, Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ва Россия ТИВ расмий вакили Мария Захаровалар бор.