Кеча, 23 октябрь куни Қирғизистонда Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 22 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда DW нашри маҳаллий ОАВга таянган ҳолда хабар берди.
Гап шундаки, ҳибсга олинган шахслар, “Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси”ни тузишда қатнашган. Улар Ўзбекистон томони сув омборини ўз ихтиёрига олганидан сўнг давлатлар ўртасидаги шартнома мажбуриятларини бажармаслиги мумкинлигини, сув омбори ҳудуди ҳеч қачон мамлакатлар ўртасида тортишув объекти бўлмаганини иддао қилиб, шунинг учун бу ерларни Ўзбекистонга топшириш тўғри эмас, деб ҳисоблаяпти.
Шундан сўнг, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Кампирободдаги митинглар ортида ким тургани ҳақида маълумотларга эгалигини айтган.Ҳибсга олинган шахслар орасида бир қатор қирғизистонлик сиёсатчилар ва ҳукумат идораларининг собиқ ходимлари бор. Жумладан, парламент собиқ депутати Асия Сасикбаева, Конституциявий суднинг собиқ аъзоси Клара Сооронкулова, МСК собиқ аъзоси Гулнора Журабаева, собиқ депутат Кубаничбек Кадиров, Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров ва ўнлаб мухолифатчилар ҳибсга олинган.