Эшагим лойдан ўтгунча : Қуриб қолган миллионлаб кўчатлар учун ким жавобгар?

Одатда кўпгина ташаббуслар жуда баландпарвоз гаплар, ғайрат-шижоат билан бошланади. Бироқ иш охирига етказилмасдан ёки кўзбўямачилик оқибатида ҳаммаси бир пул бўлади. Масалан, ҳар йили кўкламда миллионлаб кўчатлар экилади, қоғозлар тўлдирилади ва юқори идораларга ҳисобот берилади. Шу билан тамом. Натижа ҳеч кимга қизиқ эмасдек: экдикми, экдик, иш бажарилдими, бажарилди! Ниҳоллар парваришига ким масъул? Бугун уларнинг қанчаси тутиб кетди? Ахир уларни ўтқазгунча қанча техника, ишчи кучи, маблағ сарфланган!

Биргина “Яшил макон” дастури доирасида экилган кўчатлар тақдирини кўрайлик Лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга (ўшанда ҳам 30 фоиз эди) ошириш режа қилинганди. Қоғозларда бари чиройли, амалда қандай? Ўшанда ҳам экилмаган 6,2 миллион дона кўчат ҳисоботга қўшиб ёзилган.

Ҳисоб палатаси дастур ҳаққонийлигини ўрганиш жараёнида бир неча хатоларни аниқлаган. Жумладан, 3,4 миллион дона кўчат суғориш тизими бўлмаган жойга экилган. 2,4 миллион дона кўчат сувсизлик ва эътиборсизлик сабаб қуриб қолган. 341 мингта кўчат яроқсиз ерга экилган ва 65 минг дона кўчат экилишида белгиланган масофа сақланмаган.

Ёки 2021-йил куз ва 2022-йил баҳор мавсумларида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги туман (шаҳарлари), аҳоли пунктлари, халқ хўжалиги обектлари атрофида яшил ҳудудлар барпо этиш ва 1 миллион дарахт экиш режалаштирилган эди. Афсуски, экилган 75 минг дарахтдан 52 мингдан ортиғи қуриб қолди.

Орол денгизининг қуриган туби – шўр ерда дарахт кўкартирилаётган бир пайтда Тошкентда ниҳолларни сақлаб қолиш қийин бўляпти дейиш, кулгили эмасми? 75 минг дарахт эксак, 53 мингтаси қуриб қолса… Ҳар бир ниҳолни камида 15 минг сўмдан деб ҳисобласак (манзарали дарахтлар ундан ҳам қиммат), 780 миллион сўм ҳавога учаётганини кўрсатади! Ҳар йили мамлакатимизда тахминан 140-145 миллион дона ниҳол экилишини эътиборга олсак, қанча маблағ “яшаб қолиши”ни ҳисоб-китоб қилиб кўраверинг. Булар бари халқнинг солиқ сифатида ундирилган пулларини талашдир.