Тошкентда метрога кираверишда сумкасида бомба борлигини ҳазиллашиб айтган қиз ҳибсга олинди. Бу хақда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар берди.
Хабарда келтирилишича, Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекатида 2003 йилда туғилган қиз автоматик ўтказиш пунктининг биринчи вестибюлида ўз хизмат вазифасини бажараётган Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходими томонидан тўхтатилган.
Ходим қиздан сумкани кўришни сўраганида у сумкасида бомба борлигини айтган. Кўрсатмаларга асосан, МХТБ ходимлари зудлик билан яқин атрофдаги ҳудудни ўраб олган ва воқеа ҳақида навбатчилик бўлимига хабар берди. Шундан сўнг воқеа жойига ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси гуруҳи етиб келган ва қиз вақтинча ҳибсга олинган.
Қайд этилишича, қизнинг сумкаси кўздан кечирилганда ундан портловчи мослама топилмаган ва унга нисбатан далолатнома тузилган.
Ходимлар қиздан нима учун сумкасида бомба бор деб айтганини сўраганида Н.С. кайфияти яхши ва шу тарзда ҳазил қилишга қарор қилганини айтади. Шундан сўнг қиз ходимлар томонидан Шайхонтоҳур тумани 3-сонли ИИБга олиб кетилган.