Жаҳон банки фавқулодда эҳтиёжларни қондириш учун Украинага қўшимча 500 млн доллар ёрдам ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
500 млн доларлик маблағ Буюк Британия кафолати остида ўтказилди. Қўшимча 30 млн долларга эса Дания кафил бўлади.
Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасснинг айтишича, маблағ асосий давлат хизматларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
У Украинада ҳарбий ҳаракатлар натижасида инфратузилма билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини, бу эса қиш арафасида «Украина халқига хавф туғдираётганини» таъкидлади.
Шу даврга қадар Жаҳон банки Украинага фавқулодда молиялаштириш учун 13 миллиард доллар ажратди.
Банк Украинанинг тикланишини 350 миллиард доллар деб баҳоламоқда. Украина ўзига керак бўладиган бюджет ёрдамини ойига 4-5 миллиард доллар деб баҳолаган.
Киев Европа Иттифоқи 2 миллиард доллар ажратишини кутмоқда, шундан 500 миллион доллар Германиядан келади.