Ўзбекистонда куйиш ва чуқур яраларни даволашнинг янги усули топилди

Ўзбекистонда куйиш ва чуқур яраларни даволовчи биоэрувчан имплант-плёнкалар яратилди, деб хабар беради Фанлар академияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Полимерлар кимёси ва физикаси институти томонидан ишлаб чиқилган «Нанодерм» — турли хил куйган яра ва чуқур яраларни даволовчи бактерицид хоссали, биоэрувчан имплант-плёнкалар ҳисобланади.

«Нанодерм» плёнкаси куйган яраларга қўлланилган вақт давомида босқичма-босқич таъсирга эга. Плёнка таркибидаги биологик фаол модда эритма, гель шаклидаги дори воситасига нисбатан узоқроқ вақт таъсир этади. Куйганлик даражасига қараб бир неча маротаба қўллаш мумкин.

«Илк бор нанотехнология принципларнини қўллаган ҳолда кумуш нанозарралари биоэрувчан, биопарчаланувчан полимер плёнкаларида шакллантирилган», дейилади хабарда.

«Нанодерм» плёнкаси кенг таъсирга эга бўлиб, микроорганизмларга қарши фаоллик, куйган тўқималарни регенерацияловчи хоссаларни намоён этади. Мазкур дори плёнкаси юқори сорбцион хоссани намоён этиб, куйган яралар юзасидаги ҳосил бўлган йирингларни ўзига шимиб олади ва микроорганизмларга нисбатан узоқ таъсирлашиш ҳоссасига эга. Плёнка куйган яралар юзасидан олиб ташланмайди, вақт ўтиши билан сўрилиб кетади, бу ўз навбатида бактерияларга қарши даволаш самарадорлигини оширади.