“Бу иш қиз болага тўғри келмайди”


Болалигимда темир-терсакларга, бузилган телевизорми, радио ёки фонар, ҳаммасини очиб кўришга, тузатишга қизиқардим.Шунданми катта бўлсам, механик бўламан деганимда, “Қиз болага мос касб танласанг бўлмайдими?”, деган жавоб олганман. Касбнинг ҳам аёл, эркаги бўларканда деб ўйлаб қолгандим ўшанда.
Ҳаа бор экан…

Масалан, жамиятимизда архитектор, ҳайдовчи, муҳандис, механик каби касблар кўпроқ эркакларга, ўқитувчи, тарбиячи, шифокор, ҳамшира каби касблар аёлларга тегишли. Шунинг учун ҳам болалик чоғидан қизларни келгусида шифокор ва ўқитувчи каби «аёл кишига мос» касбларга йўналтирамиз. Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани тақдирда ҳам жамият кўп ҳолларда жиддий масъулиятли лавозимларга эркак ходимни маъқуллайди. Яъни, жамият аёлларни депутат, судя, бўлим бошлиғи каби лавозимда эмас, балки цехда тикувчи, котиба, ҳамшира ёхуд мактабда ўқитувчи сифатида кўради.

Бу ҳолат, яъни касбларни «аёл ёки эркак кишига хос»га ажратиш қайсидир маънода аёлни эҳтиётлаш тарзидаги ижобий қараш дейиш мумкин. Бироқ аёлларни «эҳтиётлаш» ўз-ўзидан меҳнат муносабатларида камситишга сабаб бўлаётган ҳоллар ҳам кузатилиб турибди. Хотин-қизларни ишга олаётган раҳбар муқаррар равишда қонунчиликда улар учун белгиланган имтиёзлар билан тўқнашиши, бу иш сифати ва самарадорлигига салбий таъсир ўтказиши, туғруқ, бола парвариши таътили сингари қўшимча моддий чиқимларга сабаб бўлиши мумкинлигини яхши билади. Сўнг у раҳбар хотин-қизлар билан меҳнат шартномасини тузишни истамай қолади ва танловни бошқа шахс фойдасига ҳал қилади.

Бундан ташқари ҳозир мамлакатимизда хусусий сектор ривожланаётган ва тадбиркорликка кенг шароитлар яратилаётган даврда янги иш бошлаган тадбиркорни бундай кафолатлар маълум маънода «чўчитади». Шу боисдан давлатимиз томонидан ҳомиладорлик нафақасини хусусий секторда ишлаётганларга ҳам тўлаб берилади.Бу ҳақда Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаган президент фармонида айтилган. Жорий йилнинг 1-сентябридан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади.Президент матбуот хизматининг хабар беришича, тўлов миқдори 2 миллион сўмни ташкил этади. Бу каби қарорлар жамиятимизда аёлларнинг меҳнат қилишга бўлган ҳуқуқларини чекланишининг олдини олиши, уларнинг профессионал ўсишида муайян тўсиқларни парчалашига умид қиламиз.

Кўпгина давлат ташкилотларига ишга кириш, ёки турли лавозимларга тайинланишда шунчаки аёл киши бўлиш энг катта тўсиқ бўлади. Узоққа бормайлик, яқинда жорий этилган маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозимини олайлик. Бу лавозим ҳам эркаклар учун шекилли. Негаки маҳаллаларга кўп хотин-қизлар айнан шу лавозим бўйича иш сўраб борганда, бизга эркак киши керак, бу иш кўпроқ ўғил болаларга тўгри келади деган жавоб олишган.

Мурожаатчимиз Гулбадан Нарбаева шундай дейди:
“Мактабда ёшлар етакчиси бўлиб ишлардим. Кейин бу штат маҳаллага берилди, хабарингиз бор. Шу штатга аввал мактабда етакчи бўлганларни иш билан таъминлаймиз кейин қолганларни дейишди, сизлар ишдан бўшаш аризаларингизни ёзаверинглар деб лағмонни қулоққа илишди. Суҳбатга борганимизда сиз аёл кишисиз, тўғри келмайсиз, бизга йигитлар керак дейишди. Ҳалигача иш тополмай юрибмиз кўпчилик етакчилар”.

Ишга киришда гендер стреотиплари ҳақида гап кетар экан, яна бир мурожаатчимиз : “Февралда Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокимлиги моддий кўмакка эҳтиёжи бор оилалар болалари учун репититорлар танлови эълон қилди. Бордим. Менга унча қийин бõлмаган тест беришди. Тестни 70 фоиздан кўп ишлаганларни ишга оламиз дейишди, менинг натижам 65 фоиз чиқди-ёв… лекин, натижадан шубҳам бор, камида 80 фоиздан кўп ишлагандим. “Апеляция” бериш ҳуқуқим йўқ экан. Кейин, тестдан ўтганлар учун ташкил этилган мажлис суратларини кўриб қолдим, тахминан 40тача ўқитувчи танлаб олинган, аёллар бўлса, 2та ёки 3та, агар улар ҳам репититор бўлса, ҳокимят ҳодими бўлиши ҳам мумкин. Ўша танловда қатнашган бошқа қизлар билан ҳам гаплашиб кўрдим, ҳаммалари биз бунақа ёмон ишлайдиган тест эмасди дейишди”,- дея арзи ҳол қилади.

Бу каби ҳолатларни санасак, адоғи йўқ. Ишга кириш жараёнида ёки меҳнат фаолиятида аёлларнинг гендер дискриминасиясига учраши “оддий” хол сифатида қаралиб, ушбу стереотипларни жамият онгига сингиб кетганидан далолат беради. Аёлларни нафақат турмуш ўртоқ, келин, она, уй бекаси, балки шахс сифатида ўзини намоён қилишига, профессионал ривожланишга ҳуқуқи борлигини унутиб қўйяпмиз. Бундай вазиятлар ҳуқуқий оқибат келтириб чиқариши мумкинлигини қачон англаб етамиз?

Шаҳруза Сатторова